Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Электробуслардан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича хорижий тажриба ўрганилмоқда

Чоп этиш Саҳифани улашиш
12.05.2023 3710 Yangiliklar

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги Ваколатхонаси ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Тошкент – Кам углеродли автотранспортга инвестициялар жалб этишни жадаллаштириш” қўшма лойиҳаси доирасида халқаро семинар-тренинг ташкил этилди.

 

Туркиянинг Измир шаҳрида ташкил этилган “Электробусларни харид қилиш, режалаштириш ва молиялаштириш” мавзусидаги халқаро семинар-тренингда Транспорт вазирлиги ва “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ходимлари иштирок этди.

 

Мазкур семинар-тренинг Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Жамоат транспорти халқаро ассоциацияси томонидан ташкил этилган бўлиб, электробуслар парки жорий этилаётган шаҳарларга энг илғор хорижий тажриба ва билимларни улашиш орқали кўмаклашишга қаратилган.

 

Тренинг давомида тингловчилар электробусларни харид қилиш жараёнлари, қувватлаш тизимини самарали ташкил этиш, электробус хариди ва жамоат транспортини молиялаштиришда турли хил ёндашувлар ҳақида маълумотларга эга бўлди.

 

Шунингдек, тренинг дастури доирасида иштирокчилар Измир шаҳридаги энг йирик транспорт оператори ҳисобланган "ESHOT" ташкилотининг автобус саройига ташриф буюриб, электробуслар инфратузилмаси билан яқиндан танишишди.