Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Халқаро юк ташувлари соҳасида профессионал ҳайдовчиларни тайёрлашга ихтисослашган ўқув маркази ўз фаолиятини бошлади

Чоп этиш Саҳифани улашиш
12.10.2022 3881 Yangiliklar

 

Автомобиль транспортида халқаро юк ташувларини ривожлантириш ва самарадорлигини оширишда ҳайдовчиларнинг ўрни ниҳоятда катта. Зеро, автотранспорт воситасига ортилган юкларнинг ўз вақтида белгиланган манзилга зарар етказмаган ҳолда етказиб берилиши айнан ҳайдовчининг билим ва малакасига боғлиқ. 

 

Ҳозирда ушбу соҳада фаолият юритаётган профессионал ҳайдовчиларнинг етишмаслиги ва уларнинг хизматига бўлган талабнинг ортиб бораётгани долзарб глобал муаммога айланиб улгурди. Бугунги кунда бутун дунёда 470 000 яқин профессионал ҳайдовчилар етишмаслиги муаммоси мавжуд.

 

Айни ушбу жиҳатларни инобатга олган ҳолда жорий йилнинг 27 сентябрь куни пойтахтимизда бўлиб ўтган “Халқаро автомобиль ташувлари: муаммолар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция доирасида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Халқаро автомобиль транспорти иттифоқи ва Ўзбекистон халқаро автомобиль ташувчилар уюшмаси  ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланган эди.

 

Томонлар ўртасида имзоланган мазкур меморандум автомобиль транспортида халқаро юк ташувлари соҳасида кўп сонли профессионал ҳайдовчиларни, шунингдек, бошқа ихтисослашган мутахассисларни тайёрлаш/қайта тайёрлаш учун ихтисослаштирилган ўқув марказини ташкил этиш ва ишга тушириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишни назарда тутади.  

 

Бугунги кунга келиб мазкур ўқув маркази ўз фаолиятини бошлади. Транспорт вазирлиги кўмагида Ўзбекистон халқаро автомобиль ташувчилар уюшмаси ва Литва автомобиль ташувчилар миллий ассоциацияси (LINAVA) билан ҳамкорликда автомобиль транспортида халқаро юк ташувлари соҳасида фаолият юритувчи маҳаллий ва хорижий корхоналарнинг малакали ҳайдовчиларга бўлган талабини қондириш, қолаверса, ушбу соҳада хорижда ишлаш истагида бўлган фуқароларни қонуний асосда иш билан таъминлашни ташкил этиш мақсадида ўқув марказида илк амалий ҳаракатлар бошланди.

 

Ушбу марказ томонидан Литванинг TVG транспорт компанияси билан ҳамкорликда Литвада ҳайдовчилик соҳасида ишлаш истагида бўлган мамлакатимиз фуқаролари учун танлов жараёнлари ўтказилмоқда. Мазкур танловда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти филиалидан рўйхатдан ўтган фуқаролар иштирок этишмоқда.

 

Танлов жараёнида ҳайдовчиларнинг автотранспорт воситасини бошқариш бўйича билим ва кўникмалари синовдан ўтказилмоқда. Ушбу жараёндан мувафаққиятли ўтган ҳайдовчилар икки ҳафта давомида назарий билимларини мустаҳкамлаш бўйича ўқув курсида малака оиширишади.

 

Транспорт вазирлиги бевосита Ўзбекистон халқаро автомобиль ташувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда ушбу ўқув маркази фаолиятини ривожлантириб, автомобиль транспортида халқаро юк ташувлари соҳасида кўп сонли профессионал ҳайдовчиларни тайёрлашга ихтисослашган Ўрта Осиёда ягона бўлган марказга айлантиришни режалаштирган.