Транспорт вазири Илҳом Махкамов Жанубий Кореянинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Вон До Ён ҳамда Корея Эксимбанк ваколатхонасининг Тошкентдаги раҳбари Сангжин Канг билан музокаралар олиб борди.
Томонлар транспорт соҳасидаги алоқаларнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама этишди. Хусусан, мамлакатларимиз ўртасида мунтазам авиақатновлар сонини ошириш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув давомида Транспорт вазири Корея компанияларининг иштирок этиш имкониятини ўрганиш учун Ўзбекистон Республикасидаги автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ва қуриш бўйича бир қатор лойиҳаларни тақдим этди.
Корея Эксимбанк ваколатхонаси раҳбари "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ эҳтиёжлари учун "Hyundai Rotem" компанияси томонидан ишлаб чиқарилган 6 та электропоездни харид қилиш лойиҳасининг амалга оширилиш ҳолати ҳақида маълумот берди ҳамда Ўзбекистоннинг бошқа транспорт лойиҳаларида иштирок этишга юқори қизиқиш билдирди.
Элчи жаноблари Ўзбекистон Кореянинг стратегик, жумладан, транспорт соҳасидаги муҳим ҳамкорларидан бири эканини алоҳида таъкидлади. Корея томони вазирлик раҳбариятини жорий йилнинг иккинчи ярмида бўлиб ўтадиган Корея – Марказий Осиё халқаро форумига таклиф этди.