Ҳалоллик инсон маънавий қиёфасидаги энг муҳим фазилатлардан бири. Эртамиз келажаги бўлган ёшларда “ҳалоллик вакцинасини” шакллантириш, ёшларнинг коррупцияга қарши фаоллигини ошириш мақсадида Транспорт вазирлиги томонидан Тошкент давлат транспорт университетида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилди.
Жамият ҳаётининг очиқ ва шаффоф бўлиши коррупцияга барҳам беради, ислоҳотлар натижадорлигини таъминлайди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда вазирлик мутахассислари, ҳуқуқшунос олимлар, профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этди.
Даставвал мамлакатимизда айни соҳада амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар эътироф этилди. Сўнгги йилларда ушбу иллатга қарши курашиш борасида қонун ҳужжатлари қабул қилингани, уларнинг ижроси юзасидан кенг кўламли ишлар қилинаётгани айтилди. Коррупциянинг олдини олишда жамоатчилик назорати муҳимлиги, айниқса бу жараёнда ёшларнинг фаоллигини ошириш долзарб аҳамият касб этиши таъкидланди.
Тадбир иштирокчиларга коррупция ва унинг келиб чиқиш сабаблари, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик, коррупциявий хатти-ҳаракатлар учун жавобгарлик турлари ҳамда ушбу иллатга қарши курашишда мамлакатимизда қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларининг мазмун-моҳияти етказилди.
Шу билан бирга, ёшларни ушбу иллатдан ҳимоя қилиш ва ёшларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш борасида Транспорт тизимида олиб борилаётган ишлар тўғрисида тўхталиб ўтилди.
Тадбир жонли мулоқот тарзида ўтказилиб, иштирокчиларни қизиқтирувчи саволлар юзасидан масъул ходимлар томонидан тегишли тушунтириш ва тавсиялар берилди.