Бугун, Транспорт вазирлиги раҳбарияти ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Uzbekistan airways” АЖ, “Uzbekistan airports” АЖ ва Автомобиль йўллари қўмитаси мутасаддилари иштирокида мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчилари билан учрашув ташкил этилди.
Мамлакатимиз транспорт салоҳиятини янада юксалтириш, хорижий ҳамкорлар билан қўшма лойиҳаларни мувафаққиятли амалга ошириш ҳамда юртимиз миллий манфаатларини мустаҳкамлашда хорижий давлатлардаги элчиларимизнинг ўрни ниҳоятда беқиёсдир. Айнан шу нуқтаи назардан мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатоналари раҳбарлари билан ташкил этилган ушбу мулоқот барча учун бирдек манфаатли бўлди.
Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев сўнгги йилларда мамлакатимизда транспорт ва йўл хўжалиги соҳасини ривожлантириш йўналишида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга тўхталиб ўтди. Ушбу жараёнларда мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчиларининг ўрни катта эканлиги алоҳида қайд этилди.
Учрашувда Транспорт ва логистика муаммоларини ўрганиш маркази, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Uzbekistan airways” АЖ, “Uzbekistan airports” АЖ мутасаддилари мамлакатимиз транспорт тизими ва йўл инфратузилмасини ривожлантириш, юртимиз транзит салоҳиятини ошириш, транспорт коридорларини ривожлантириш ва диверсификация қилиш, ушбу йўналишда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш билан боғлиқ масалалар юзасидан тақдимотлар ўтказди ҳамда келгусидаги режалар ҳақида батафсил маълумот берди.
Шундан сўнг мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчилари ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан соҳа мутасадилари билан фикр алмашди.