Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Ўзбек ҳайдовчилари илк маротаба Афғонистон орқали Покистонга юк ташувларини амалга оширди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
16.06.2022 5638 Yangiliklar

 

Мамлакатимизнинг ташқи иқтисодий алоқаларини ривожлантириш ва ташқи савдо ҳажмини оширишда халқаро бозорларга чиқиш учун логистика муаммоларини муваффақиятли ҳал этиш муҳим омил саналади. Хусусан, денгиз портларига чиқиш ҳамда бу йўналишда қулай транспорт коридорларини яратиш Ўзбекистон учун стратегик вазифа.
 
Шу нуқтаи назардан давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни ривожлантириш масаласига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Президентимиз томонидан олиб борилаётган фаол ташқи сиёсати туфайли бугун Ўзбекистон – Покистон муносабатлари янги ривожланиш босқичига кўтарилди.
 
Янги суръат билан ривожланаётган иқтисодий алоқаларимизнинг кенгайишида Покистон Ислом Республикаси билан транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳаларнинг аҳамияти ниҳоятда катта.
 
Ушбу йўналишдаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, қўшни давлатлар билан транспорт йўлакларини янада диверсификация қилиш, мамлакатимизнинг транзит салоҳиятини ошириш, юкларни транзит қилиш тартибини соддалаштириш учун қўшимча қулай шарт-шароитларни яратиш бўйича белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан тегишли ишлар амалга оширилмоқда.
 
Хусусан, жорий йилнинг 26-27 март кунлари Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси, Афғонистон ва Покистон Ислом Республикасининг йирик транспорт-логистика компаниялари, Халқаро автомобиль ташувчилари уюшмаси ҳамда транспорт ва божхона идоралари вакиллари иштирокида транспорт масалалари бўйича уч томонлама ишчи гуруҳининг учрашуви ташкил этилди.
 
Учрашувда Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон давлатлари ҳудуди бўйлаб автомобиль транспортида халқаро юк ташувлари жараёнида юзага келаётган муаммолар ва уларни ҳал этиш масалалари юзасидан аниқ чора-тадбирлар режаси белгилаб олинган эди.
 
Уч томонлама саъй-ҳаракатлар натижасида бугун ушбу транспорт коридорининг тўлақонли фаолият юритиши, юкларнинг қисқа фурсатларда, хавфсиз равишда белгиланган манзилига етказилиши таъминланмоқда.
 
Бунинг натижаси ўлароқ ўзбекистонлик ҳайдовчилар илк маротаба Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон йўналиши бўйлаб юк ташувларини мувафақиятли равишда бажарди.
 
“Тошкент – Термиз – Мозори-Шариф – Қобул – Пешавор – Карачи” йўналиши бўйлаб 2760 км йўлни босиб ўтган ўзбекистонлик ҳайдовчилар Карачи портидан ортилган юкни (музлатилган гўшт) бир ҳафтада Тошкентга етказиб келди.