Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Ўзбекистон – Туркманистон: Транспорт соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари белгилаб олинди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
10.08.2022 5606 Yangiliklar

 

2022 йилнинг 8-9 август кунлари транспорт масалалари бўйича ўзбек туркман ишчи гуруҳининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди.

 

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири ўринбосари А.Мўминов ва “Туркмен автоулаглары” агентлиги раисининг ўринбосари В.Ходжанепесов икки мамлакатнинг автомобиль, темир йўл, авиация тизими ташкилотлар вакиллари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда транспорт соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.

 

Хусусан, томонлар икки давлат ўртасида автомобиль транспортида юк ташувлар жараёнини тўлиқ қайта тиклаш, шунингдек, юк ташиш талабларини соддалаштиришдан манфаатдор эканликларини қайд этиб ўтишди.

 

Ўзбекистон томони автомобиль транспортида халқаро юк ташувларини амалга ошираётган ўзбек ҳайдовчилари учун Туркманистонга кириш визасини бериш талабларини соддалаштириш ва муддатларини қисқартириш юзасидан туркман томонига таклифларини билдирди.

 

Томонлар темир йўл ва автомобиль транспортида юк ташувлари ҳажмини ошириш мақсадида транспорт коридорларини ривожлантириш йўналишидаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш юзасидан фикр алмашди.  

 

Ўзбекистон томони “Туркманбоши” порти орқали ўтувчи транспорт коридорлари бутун минтақа учун муҳим эканлигини ва ушбу йўналишдаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлатириш зарурлигини таъкидлаб ўтди. Томонлар транзит йўналишларда юк ташиш ҳажмини ошириш учун темир йўл инфратузилмасини янада модернизация қилиш, шунингдек, юк ташувларида транспорт харажатларини камайтириш мақсадида чегирмалар тақдим этиш чораларини кўришга келишиб олдилар.  

 

Учрашувда, Ўзбекистон томони мамлакатларимиз ўртасида йўловчи ташишни ташкил этиш йўналишидаги ишларни фаоллаштиришни таклиф қилди. Томонлар Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Уммон транспорт коридорининг барча иштирокчилари билан Ашхобод шартномаси доирасидаги ишларни фаоллаштиришга келишиб олдилар.

 

Учрашув давомида томонлар халқаро юк ташишни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа амалий масалаларни ҳам кўриб чиқдилар. Йиғилиш якуни бўйича тегишли баённомани имзоланди.