Жорий йилнинг 9 август куни халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш ва диверсификация қилиш бўйича давлат раҳбари ҳузурида ўтказилган тақдимот давомида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов бошчилигидаги делегация Польша Республикасига ташриф буюрди.
Ташриф давомида Варшава шаҳрида Польша инфратузилма вазири ўринбосари Рафал Вебер ҳамда “Польша халқаро автомобиль ташувчилар уюшмаси” (ZMPD) президенти Ян Бучек билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда автомобиль транспортида халқаро юк ташувлари соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.
Хусусан, халқаро юк ташувлари жараёнида миллий ташувчиларга қулай шарт-шароитларни яратиш, икки томонлама, транзит ва учинчи мамлакатларга/дан юкларини ташиш учун қўшимча рухсатномаларни алмашиш, бугунги вазиятдан келиб чиққан ҳолда муқобил транспорт йўлакларини ишлаб чиқиш юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар автомобиль транспортида халқаро юк ташувлари соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида қўшимча 1000 дона рухсатномаларни алмашишга, шунингдек, тез фурсатларда Тошкент шаҳрида транспорт масалалари бўйича қўшма комиссия йиғилишини ўтказишга келишиб олди.