Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирининг топшириғи билан Транспорт вазирлиги ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раҳбарияти вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳи 25 июн куни “Тошкент” жанубий темир йўл вокзалида йўловчиларга яратилган имкониятлар ва кўрсатилаётган хизматлар сифати юзасидан ўрганиш ишларини ўтказди.
Шу ернинг ўзида йўловчилар ва хорижий сайёҳларнинг темир йўл транспорти соҳасида кўрсатилаётган хизматлар сифати юзасидан фикрлари ўрганилди. Сўров давомида йўловчиларнинг аксарияти республика вокзалларининг озодалиги ҳамда “Афросиёб” ва “Шарқ” поездларида хизмат кўрсатиш даражасини юқори баҳолашди. Шунингдек, хорижлик сайёҳлар темир йўл чипталарини сотиб олиш бўйича онлайн хизматнинг фойдалилиги ва самарадорлигини алоҳида эътироф этишди.
Шу билан бирга, йўловчилар плацкарт вагонларида кўрсатилаётган жорий хизматни яхшилаш юзасидан аниқ тавсиялар берди. Хусусан, шаҳарлараро йўналишларда хизмат кўрсатаётган плацкарт вагонларида замонавий антибактериал кондиционер тизимини ташкил этиш масаласи кўтарилди.
Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда барча вокзалларда махсус QR кодлар жойлаштирилган бўлиб, улар ёрдамида йўловчилар махсус сўровномани тўлдириб, ўз таклиф ва тавсияларини қолдириши мумкин.