Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

ШАХСИЙ ЖАВОБГАРЛИК ВА МАСЪУЛИЯТ ИСЛОҲОТЛАР САМАРАСИНИ ТАЪМИНЛАЙДИ

Чоп этиш Саҳифани улашиш
11.05.2021 6430 Yangiliklar

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 10 февралдаги “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони давлат идоралари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Фармонда вазирлар, давлат қўмиталари раислари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, барча даражадаги ҳокимлар қўйилган талабларнинг сўзсиз, ўз вақтида ва натижали бажарилиши учун шахсан жавобгар этиб белгиланиши эса масъулият ҳиссини бир неча баробар оширади.

Таъкидлаш жоизки, авваллари айнан раҳбар ходимларнинг шахсий жавобгарлик тизими мукаммал бўлмагани натижасида берилган топшириқлар ижро этилмаслиги ёки муддати ўтиб бажарилиши каби ҳолатлар кузатилар эди.

Президентимиз фармони билан бундай ҳолатларнинг олди олинмоқда. Бугунги замон талаби бошқача, бугунги раҳбар масъулияти юксак. Чунки давлат ҳокимиятининг жамият олдидаги энг асосий вазифаси сифатида аҳоли ҳаёти даражаси ва сифатини ошириш бўйича ислоҳотларнинг натижадорлиги бевосита уларни амалга оширишга қаратилган ҳужжатлар, қарорларни ижро этиш бўйича интизомнинг қатъийлигига боғлиқ. Айнан давлат идоралари ва ташкилотларидаги ижро интизоми ҳолатидан келиб чиқиб ҳар бир тармоқнинг ривожланиш даражасига баҳо бериш мумкин.

Шу маънода бугун Транспорт вазирлиги тизими ҳам жиддий ўзгаришларга учраётганини айтмоқчиман.

Мамлакатимизда барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлашдаги энг муҳим тармоқлардан бири транспорт тизимидир. Айнан ушбу тизим инфратузилмасини ривожлантириш, соҳага замонавий рақамли технологияларни жорий этиш орқали транспортнинг барча турларида кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, юк ва йўловчи ташиш ҳажмини кўпайтириш, мамлакатимизнинг транзит салоҳиятини кенгайтириш ва унинг имкониятларидан оқилона ва самарали фойдаланиш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан биридир.

Қайд этиш жоизки, сўнгги йилларда бевосита давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимиз транспорт тизими жаҳон талаблари даражасида фао­лият юритишини таъминлаш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар кечмоқда.

Бу жараёнда асосий вазифамиз, юқорида таъкидлаганимиздек, ижро интизомини таъминлаш, ҳар биримиз ўз вазифамизга сидқидилдан ёндашиш. Шу мақсадда ­Президентимиз фармонида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Транспорт вазирлигида ҳам ижро интизомини янада мустаҳкамлаш бўйича қатор устувор йўналишлар белгилаб олинди. Улар сирасига қуйидагиларни киритиш мумкин:

биринчи йўналиш — қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар лойиҳалари тайёрланиши устидан шахсий назоратни ташкил этиш;

иккинчи йўналиш — қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижрочиларга тезкор етказилиши, шу жумладан, уларда қўйилган вазифаларнинг моҳияти ва аҳамиятини Транспорт вазирлиги, тизим ташкилотлари ва ҳудудий транспорт бошқармалари ходимларига тушунтириш, назорат бандлари ва топшириқларда аниқ механизмлар, муддатлар ва масъуллар белгиланиши бўйича “йўл хариталари” — ҳаракат режалари ўз вақтида ишлаб чиқилиши устидан шахсий назоратни таъминлаш;

учинчи йўналиш — қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси амалда назорат қилинишини шахсан ташкил этиш, “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимида ўз вақтида ҳисобот берилишига алоҳида эътибор қаратиш;

тўртинчи йўналиш — қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ўз вақтида, тўлиқ ва натижали ижро этилиши шахсан танқидий таҳлил қилинишини таъминлаш, қўйилган вазифаларни амалга ошириш ва мўлжалланган мақсадларга эришиш.

Шунингдек, вазирлик ҳайъати қарори билан фармон ижросини таъминлаш, ундаги вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини назорат қилувчи ишчи гуруҳ таркибини шакллантириш, қонунчилик ҳужжатлари ҳамда топшириқларнинг амалга оширилиши бўйича назорат ва ҳисобот берилишини ташкил этиш тартибини белгилаш, ишларни ташкил қилиш, ижро интизомини мустаҳкамлашнинг асосий йўналишларини амалга ошириш юзасидан ҳаракатлар режаси тасдиқланди.

Хусусан, вазирликка тушаётган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси ўз вақтида, сифатли бажарилиши бўйича ҳар ҳафтанинг душанба куни вазир, жума куни вазир ўринбосарлари томонидан шахсан масъул ижрочилар билан муҳокама ўтказиш тизими йўлга қўйилди.

Фармон талаблари ҳисобга олинган ҳолда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси ҳолатини комплекс ўрганиш ўтказилди ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва муаммоли масалаларни жойида ҳал этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари томонидан амалий ёрдам кўрсатилди.

Таъкидлаш жоизки, вазирликнинг тегишли бўлинмаси томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси учун масъул ижрочилар фаолияти мунтазам равишда назорат қилиб борилмоқда. Жумладан, ўз вақтида бажарилишида кечикиш хавфи юзага келган муаммоли масалалар, топшириқлар ижросини амалга оширишда масъулиятсизликка йўл қўяётган ижрочиларга қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриш юзасидан таклиф киритилаётир.

Ижро интизомини янада мустаҳкамлашда замонавий ахборот технологиялари ва бошқарув услубларини амалиётга жорий этиш, назорат қилиш ҳамда ижрони текшириш шаклларини такомиллаштириш муҳим омил саналади.

Мазкур йўналишда “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими орқали электрон ҳужжат алмашинуви йўлга қўйилган бўлиб, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ўз вақтида ижро этилиши назорат қилиб борилмоқда.

Ушбу тизим орқали ҳар бир ҳужжат ва топшириқни қабул қилиш, қисқа фурсатда масъул ижрочиларга етказиб бериш, топшириқнинг ижро этилиш ҳолати реал вақт режимида кузатиб борилади. Мазкур автоматлаштирилган тизим самараси ўлароқ, Транспорт вазирлиги, тизим ташкилотлари ва ҳудудий транспорт бошқармаларида ҳужжатларни қоғоз шаклида келишиш ва имзолаш амалиётига тўлиқ чек қўйилди.

Шу билан бирга, ижрога тушган ҳужжатларни электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда махсус мобиль илова орқали кўриб чиқиш, ижрога йўналтириш ва назоратдан чиқариш имкониятлари яратилган. Бу вазирлик тизимида иш юритишни сезиларли даражада тезлаштиришга имкон берди.

Ижрони назорат қилиш, назорат картотекаларини юритиш ва ҳисоботларни шакллантириш “Ijro.gov.uz” тизимида амалга оширилиши жуда қўл келмоқда. Тизим орқали Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжат ва топшириқлари, уларнинг бажарилиш ҳолати, муддати, тасдиқлаш жараёни каби ҳисоботларни ­ижрочилар бўйича шакллантириш имконияти мавжуд.

Вазирликка юклатилган топшириқлар бажарилишини назорат қилиш, янгича тизимни тўлиқ татбиқ этиш мақсадида барча ҳудудий бошқармаларда ҳамда тизим ташкилотларида 2020-2021 йилларнинг ўтган даври мобайнида Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари, қарорлари, фармойишлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойиш­лари ижроси бўйича жами 8 та (2020 йилда 6 та, 2021 йил 1-чорагида 2 та) мақсадли ва комплекс ўрганиш ўтказилди.

Мазкур ўрганишлар жараёнида жойларда мавжуд топшириқлар ижросини назоратга олиш электрон тизими такомиллаштирилди, масъул ходимлар белгиланди ҳамда кирувчи ҳужжатларни рўйхатдан ўтказиш, назоратга олиш, ижрочиларга етказиш ва ижросини таъминлаш жараёнларининг янгича тартиби кўргазмали-тақдимот материаллари асосида тушунтириб берилди.

Иш юритиш ва ижро интизоми бузилгани учун жами 6 нафар мансабдор шахс ва мутахассисга нисбатан қатъий интизомий жазо чоралари қўлланилди. Шу билан бирга, ижро интизоми масаласи вазирлик ҳайъати йиғилишида мунтазам кўриб борилмоқда.

Қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ҳафтанинг белгиланган кунларида онлайн шаклда вазирликнинг барча ходимларига етказилмоқда. Шу билан бирга, ҳафталик ўқув соатлари ўтказилиб, натижаси вазирлик ва тизимдаги ташкилотларнинг расмий веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига жойлаштирилмоқда.

Шунингдек, вазирликдаги департамент, бошқарма ва тизим ташкилотлари раҳбарлари иштирокида онлайн ҳуқуқий ўқув соатлари ўтказилмоқда. Натижада жорий йилнинг ўтган даври мобайнида соҳа ходимларига Ўзбекистон Рес­публикасининг 13 та қонуни, Президентнинг 11 та фармони ва 25 та қарори, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 63 та қарор ва фармойиши мазмун-моҳияти кўргазмали-тақдимот материаллари асосида тушунтириб берилди.

Ҳар бир топшириқ ва ҳужжат ижросини амалда назорат қилиш, уларни ўрганиб чиқиш, масъуллар белгиланишини таъминлаш ижро интизоми янада мустаҳкам бўлишини таъминлайди.

Бугунги кунда мамлакатимиз транспорт тизими иш фаолиятини такомиллаштириш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини янги босқичга олиб чиқиш, энг чекка ҳудудларда ҳам йўловчилар ва фуқароларга замон талабларига муносиб даражада шароит яратиб бериш, янги транспорт йўлакларини ташкил этиш орқали минтақавий ва халқаро бозорларга чиқиш имкониятини яратиш Президентимиз томонидан олдимизга қўйилган энг устувор вазифадир. 

Ушбу вазифаларнинг ўз вақтида, сифатли бажарилиши ҳар бир раҳбар ва ходимдан шахсий жавобгарлик, дахлдорлик ҳиссини тўлиқ англаган ҳолда ўз ишига ­масъулият билан ёндашишни талаб этади. Шу нуқтаи назардан, вазирлик ҳамда тизимда фаолият юритаётган раҳбар ва ходимларнинг мустаҳкам ижро интизомига амал қилиши, топшириқларнинг ўз вақтида бажарилиши доимий назорат қилиб борилади.

 

Илҳом МАҲКАМОВ,

Ўзбекистон Республикаси 

транспорт вазири