Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Транспорт-логистика соҳасини ривожлантириш бўйича қандай ишлар амалга ошириляпти?

Чоп этиш Саҳифани улашиш
18.05.2021 8504 Yangiliklar

 

2021 йил 18 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси ҳамда Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси ташаббуси билан Мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш учун транспорт-логистика тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати тўғрисидаги масала юзасидан юборилган парламент сўровига транспорт вазири И.Маҳкамовнинг жавоби атрофлича кўриб чиқилди.

Парламент сўровига жавобда қайд этилганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда транспорт-логистика тизимини такомиллаштириш, ушбу омилларданфойдаланган ҳолда юртимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2020 йил якунларига кўра “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан 41,7 минг тонна юк ташилиб, бу кўрсатгич 2019 йилга нисбатан 1,45 баробарга ошди. Юкларни ташиш ҳажмини ошириш мақсадида қатновлар Истанбул, Урумчи, Острава, Шанхай, Сеул, Деҳли, Шицязячжуан, Льеж йўналишлари бўйича ўтган йилда қўшимча чартер шартномалар имзоланди.

Ушбу ишларнинг бажарилиши натижасида ойлик юк ташувлар даромади 1,3 млн. доллардан 5,7 млн. долларга ошди. 2021 йил давомида 12 268 та рейс амалга ошириш орқали 1 933 минг йўловчи ва 42,5 минг тонна юк (шу жумладан пуллик багаж ва почта) ташиш режалаштирилди. Жорий йилда юк ташувлари ҳажмини янада ошириш мақсадида Тошкент – Гонконг – Тошкент – Тель Авив – Тошкент ва Тошкент – Гонконг – Тошкент – Киев – Тошкент янги йўналишлар бўйича парвозларни амалга ошириш, ушбу йўналишлар бўйича 2 минг тонна юк ташиш ва 5,8 млн. АҚШ доллари миқдорида қўшимча даромад олиш кўзда тутилган.

Шу билан бир қаторда, жорий йил 6 апрель куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Иннопром-2021” халқаро саноат кўргазмаси доирасида “Ўзбекистон Темир йўллари” АЖ ва Россиянинг “РЖД Логистика” компанияси вакиллари ўртасида озиқ-овқат маҳсулотларини, шу жумаладан қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини музлатгичли махсус рефрежератор контейнерларда ташиш учун Агро-Экспресс поездларни ташкил қилишга келишиб олинди. Мазкур янги йўналиш Ўзбекистоннинг экспорт ташувлари, айниқса мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатади.

Парламент сўровига берилган жавобда экспорт қилинаётган юкларни қўшни давлатлардан темир йўл орқали имтиёзли нархларда ўтказиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумотлар берилган.

Транспорт вазирлиги ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан МДҲ, Эрон ва Болтиқбўйи давлатлари темир йўл маъмуриятлари билан ўтказилган учрашувлар натижасида 2021 йил учун бир қатор чегирмалар олинишига эришилган. Бу эса, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини оширишга ва ўзбек маҳсулотларининг рақобатбардошлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шунингдек, ҳозирги кунда Транспорт вазирлиги томонидан давлатимиз раҳбари ташаббуси билан янги “Мозори – Шариф – Қобул – Пешавор” ва “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” транспорт ва транзит йўлакларини яратиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, “Мозори – Шариф – Қобул – Пешавор” темир йўлининг қурилиши Ўзбекистон ва Ўрта Осиё мамлакатларига дунё океанига чиқишга энг яқин йўл бўлиб, Жанубий Осиё темир йўл тизимини Марказий Осиё ва Евроосиё темир йўллари билан узвий боғлаш имконини беради. Бу ўз навбатида, мамлакатимиз транзит салоҳиятининг кескин ошишига хизмат қилади. Лойиҳани амалга ошириш натижасида Покистондан Ўзбекистонга юкларни ташиш 35 кун эмас, балки 3-5 кунни ташкил қилади.

“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўл қурилиши лойиҳасининг амалга оширилиши Осиё Тинч океани ва Хитойдан Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон орқали юкларни Европа мамлакатларига ташиш учун янги халқаро транспорт коридорини яратади. Қолаверса, юкларни етказиб бериш вақти кескин кисқариб, Ўзбекистоннинг транзит салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.

Мажлисда кун тартибидаги масала юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазалар инобатга олинган ҳолда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг мазкур парламент сўровига йўллаган жавобини маълумот учун қабул қилдилар.