Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Транспорт соҳасини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
17.08.2020 7365 Yangiliklar

 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков раҳбарлигида транспорт соҳасини ислоҳот қилишга бағишланган видеоконференция шаклида йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Транспорт вазирлиги, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Uzbekistan airways” АЖ, “Uzbekistan Airports” АЖ, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва бошқа тегишли идора ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Бир қатор давлатларда автомобиль орқали юк ташиш чекланганлиги сабабли юк ташишнинг асосий қисми темир йўл коммуникациялари орқали амалга оширилаётганлиги муносабати билан пандемия шароитида республика иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган темир йўл транспорти соҳасини ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар танқидий кўриб чиқилди. Жорий йилнинг январь-июль ойларида халқаро юк ташувларининг умумий ҳажми 17,8 млн тоннани (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 110%) ташкил этди.

Қабул қилинган чора-тадбирларга қарамасдан, ушбу соҳанинг ривожланишига тўсқинлик қилувчи тизимли муаммолар долзарб бўлиб қолаётганлиги таъкидланди: монополизмнинг юқори даражаси ва рақобат муҳитининг етишмаслиги, тарифларни белгилашнинг шаффоф бўлмаган тизими, юқори операцион харажатлар, хизматларни рақамлаштиришнинг паст даражаси, етказиб беришда тез-тез рўй бераётган узилишлар ва бошқа омиллар.

Парвозлар жўғрофиясини кенгайтириш ва юк ҳажмини оширишнинг қониқарсиз динамикаси, шунингдек, ягона ривожланиш стратегиясининг ва кейинги ислоҳотларни амалга оширишнинг аниқ йўналишлари мавжуд эмаслиги кузатилаётган авиация соҳасида ҳам юзага келган вазият алоҳида муҳокама қилинди. Бу ҳолат жорий эпидемиологик вазият туфайли жорий йилнинг биринчи ярмида йўловчи рейслар ҳажмининг кескин тушиб кетиши ва миллий авиаташувчи даромадларининг сезиларли даражада пасайиши билан мураккаблашмоқда.

Ушбу соҳада ҳам ечими Ўзбекистон авиация соҳасининг инвестицион жозибадорлигини ошириш ва рақобатбардошлигини таъминлаш учун зарур шарт ҳисобланган муаммоли масалалар аниқланди, жумладан, аэропортлар ўтказиш қувватининг етишмаслиги, хизматлар ривожланишининг паст даражаси, мамлакатда ишлаб чиқарилмайдиган авиация техник маҳсулотлари ва товар-моддий қийматликларни импорт қилишда фуқаро авиацияси корхоналарининг ҳаражатлари шунингдек, бошқа мамлакатларга нисбатан техник хизмат кўрсатиш ва ёқилғи қуйиш маҳсулотларига ўрнатилган юқори нархлар.

Амалга оширилган ишлар ва ушбу йўналишларда кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан тегишли идоралар раҳбарларининг ҳисоботларини кўриб чиқиш натижалари асосида темир йўл транспорти ва фуқаро авиацияси соҳаларини янада такомиллаштириш бўйича мақсадли кўрсатмалар берилди.

Хусусан, Транспорт вазирлиги ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга миллий темир йўл тизимини тубдан ислоҳ қилиш концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди. Концепцияда соғлом рақобат муҳитини яратиш, транспорт жараёнларини такомиллаштириш ва тариф сиёсатининг шаффофлигини ошириш, замонавий корпоратив бошқарувни жорий этиш ва иш жараёнларини рақамлаштириш мақсадида темир йўл ташувларига хусусий операторларни жалб этиш чоралари назарда тутилади.

Бундан ташқари, Транспорт вазирлиги, “Uzbekistan airways” АЖ ва “Uzbekistan Airports” АЖ раҳбарларига тарифларни оптималлаштириш, хизматлар сифатини ошириш, юк ташишни ривожлантириш ва тегишли инфратузилмани замонавийлаштириш, шунингдек, фуқаро авиацияси соҳасида давлат-хусусий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.