Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Транспорт вазирлигида БАА элчиси билан фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
16.11.2021 5344 Yangiliklar

 

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Бирлашган Араб Амирликларининг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Саид Матар Ал Қамзий билан учрашди. Учрашувда мамлакатларимиз ўртасида фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама этилди.

Учрашув аввалида Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасида фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари жадал ривожланиб бораётганлигини алоҳида қайд этиб ўтди. Хусусан, авиация хизматлари бозорини либераллаштириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида сўнгги уч йилда Бирлашган Араб Амирликларининг Flydubai, Air Arabia-Sharja ва Air Arabia-Abu Dhabi каби авиакомпаниялари Ўзбекистон бозорига кириб келганлиги, шунингдек, Wizz Air-Abu Dhabi лоукост авиакомпаниясига Ўзбекистоннинг тегишли халқаро аэропортларига мунтазам парвозларни амалга ошириш ҳуқуқи берилганлигини таъкидлаб ўтди.

Икки давлат ўртасидаги келишувларга мувофиқ бугунги кунда Ўзбекистон ва БАА ўртасида мунтазам авиақатновлар сони ҳафтасига жами 18 та, ойига 74 тани ташкил этмоқда.

Ўз навбатида элчи жаноблари хорижий давлатларнинг авиация маъмуриятлари билан келишган ҳолда ҳаво қатновлари сонини ошириш, янги йўналишларда парвозларни йўлга қўйиш бўйича Транспорт вазирлиги томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни юқори баҳолади. Ушбу йўналишдаги ҳамкорликнинг янада ривожланиши ҳар икки томон учун ҳам манфаатли эканлигини қайд этди.

Учрашув давомида, шунингдек, Flydubai авиакомпаниясининг Дубай–Тошкент йўналишидаги парвозлари сонини ҳафтасига 7 маротабага етказиш тўғрисидаги масала юзасидан фикр алмашилди. Вазир ва элчи жаноблари ушбу масала атрофида юзага келган ҳолатни атрофлича муҳокама қилди. 

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов мамлакат авиация бозорининг барча иштирокчилари учун тенг рақобат муҳитини яратиш, очиқ бозор тамойилларига амал қилинишини таъминлаш ўзининг биринчи галдаги вазифаси эканлигини таъкидлади. Учрашув якунида юқоридаги масала Ўзбекистон ва БАА авиация маъмуриятларининг навбатдаги учрашувида ҳал қилиниши юзасидан келишувга эришилди.

Элчи, ўз навбатида, икки мамлакат фуқаро авиацияси соҳасидаги муносабатлар фақатгина авиация маъмуриятлари ўртасидаги келишувларига мувофиқ ҳал этилиши ҳамда ушбу жараёнларга бирор-бир авиакомпания вакилларининг бевосита ёки билвосита таъсир кўрсатишига йўл қўйилмаслигини тўлиқ қўллаб-қувватлашини қайд этди.