Ўзбекистон аэропортларининг Aвиация-логистика форуми — UAALF 2020 — бу дунё авиакомпаниялари, лоукостерлари ҳамда сайёҳлик ташкилотлари учун жуда катта тажриба алмашиш имкониятини тақдим этди. Мазкур тадбир мамлакатимиз фуқаро авиацияси ва туризмни самарали ривожлантириш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди.
Замонавий дунёда инсоният учун фуқаро авиациясининг аҳамияти ниҳоятда катта. Бугунги ҳаётимизни ушбу соҳасиз тасаввур этиб бўлмайди. Ҳаракат тезлиги, минимал вақт оралиғида керакли жойда бўлиш имкониятини айнан авиация таъминлайди. Шу билан бирга парвоз давомидаги кафолатланган қулайлик ва кўсатилаётган сервис хизматларининг ранг-баранглиги сабабли ҳам авиацияга бўлган талаб йил сайин ортиб бормоқда. Масалан бугунги кунда дунё бўйлаб йўловчи ташиш улушининг 82 фоизи, юк ташувларининг 14,7 фози, почта жўнатмаларининг 3,3 фоизи айнан авиация ҳиссасига тўғри келмоқда. Фуқаро авиацияси соҳасида йиллик ўсиш тенденцияси 5-7 фоизни ташкил этмоқда. Эксперлар фикрича 2025 йилгача йўловчи оқими ҳар йили 4-6 фоизга ошиб боради.
Туризм одамларни бир манзилдан иккинчи манзилга етказиб қўйиш билан боғлиқ. Мазкур жараёнда эса қулайлик ва тезлик каби бир қатор факторлар муҳим аҳамиятга эга. Шу жиҳатнинг ўзиёқ халқаро туризм ривожида авиациянинг аҳамияти қай даражада эканлигини яққол намоён этади. Парвоз давомида қулайлик даражаси ва тезлик кўрсаткичларининг ортиши ҳамда хавсизлик омиллари турли мамлакатларда сайёҳлар оқимининг ортишига олиб келди. Айнан шунинг учун ҳам сайёҳлик фирмалари соҳанинг ривожланишида авиация транспорти билан ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга эканлигини яхши билишади. Айнан ушбу жараёнга эса авиакомпаниялар ҳам катта қизиқиш билдиришади. Бугунги кунда ушбу икки соҳа тараққиётини бир-биридан алоҳида тасаввур этиб бўлмайди.
Юртимизда икки соҳа тараққиёти йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар
Бугун Ўзбекистонга келиш учун 86 мамлакат фуқароларига визасиз режим жорий этилди. 57 давлатдан келадиган меҳмонлар икки кун ичида электрон виза олиши мумкин. Бир давлатдан бошқа давлатга транзит йўли билан ўтаётган йўловчига Ўзбекистонда визасиз 5 кун қолиши учун рухсат бор. Бу хорижлик йўловчиларга юртимиз бўйлаб саёҳат қилиш имконини беради.
Давлатимиз раҳбари 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида туризмни жадал тараққий эттириш орқали 2025 йилда юртимизга ташриф буюрадиган хорижий сайёҳлар сонини 7 миллион нафарга, туризм экспортидан келадиган йиллик даромадни эса 2 миллиард долларга етказиш лозимлигини таъкидлаб ўтган эди.
Бу маррани забт этишда эса юртимиз авиация соҳаси ва умуман транспорт инфратузилмасини яхшилаш, мазкур йўналишда кўрсатилаётган хизматлар сифатини замон талаблари даражасига етказиш жуда муҳим. Айтиб ўтиш лозимки, сўнгги уч йилда авиация бозорини либераллаштириш, парвозлар географиясини кенгайтириш, соҳага замонавий бошқарув усулларини жорий этиш ва йўловчиларга кўрсатилаётган хизматларни замон талаблари даражасига кўтариш бўйича мамлакатимиз фуқаро авиацияси соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар бошланди. Авиация бозорини либераллаштириш ва рақобат муҳитини ташкил этиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида республикамизга қатновларни амалга оширувчи хорижий авиакомпаниялар сони 2017 йилда 15 тани ташкил этган бўлса, 2019 йилга келиб уларнинг сони 23 тага етди.
Ўзбекистонга парвозларни амалга ошириаётган хорижий авиакомпаниялар
«Aerologic», «Al Masriya», «Asiana Airlines», «China Southern Airlines», «Fly Dubai», «Kam Air», «Korean Air», «Lufthansa Cargo», «Turkish Airlines», «Zagros Airlines», «Zhejiang Loong Airlines Co. Ltd», «Аэрофлот», «Россия», «Сибирь», «Уральские авиалинии», «ЮТэйр», «Якутия», «ИрАэро», «Nord Wind», «Red Wings», «Air Astana», «Аzal», «Somon Air».
Шунингдек, илғор халқаро тажрибаларни жорий этиш орқали ташувлар ва аэропортлар фаолияти бўйича вазифаларни мустақил корхоналарга тақсимлаш борасидаги ишлар ниҳоясига етказилди. Барчага маълумки 2019 йилнинг октябрь ойида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК қайта ташкил этилиб, бир-биридан мустақил бўлган иккита “Uzbekistan Airways” ва “Uzbekistan Airports” компанияларига ажратилди.
Авиация бозорини янада либераллаштириш ва парвозлар географиясини кенгайтириш мақсадида 2019 йилнинг октябрь ойидан эътиборан Қарши, Нукус, Термиз ва Бухоро халқаро аэропортларида «бешинчи ҳаво эркинлиги» тартибини қўллаган ҳолда, “Очиқ осмон” режими жорий этилди.
Ҳозирда мазкур аэропортларга парвозларни амалага оширишни ташкил этиш юзасидан «Turkish Airlines», «Israir Airlines», «Garuda», «Аэрофлот», «ИрАэро», «Сибирь», «Якутия», «SCAT» ва бошқа бир қатор хорижий авиакомпаниялар билан музокаралар олиб борилмоқда. Юқорида санаб ўтилган компаниялар жорий йилнинг март ойидан бошлаб, “Очиқ осмон” режимидан фойдаланган ҳолда Москва, Санкт-Петербург, Новосибирск, Иркутск, Крсаноярск, Олмота, Нур-Султон, Ақтау йўналишларида парвозларни амалга оширишни бошлашга тайёр эканлигини маълум қилишди. Шунингдек, Исроил ва Туркияга парвозларни йўлга қўйиш бўйича ҳам музокаралар олиб борилмоқда.
Бугун Транспорт вазирлиги олдига мамлакатимиз бутун транспорт тармоғи, шу жумладан авиацияда туб ўзгаришларни амалга оширишда аниқ мақсад ва вазифалар қўйилган. Жумладан, аэропортлар инфраструктураси, учиш-қўниш йўлаклари, йўловчи терминаллари ҳолати ва у ерда хизмат кўрсатиш стандартлари бўйича яқин келажакда ҳал этилиши лозим бўлган қатор вазифалар турибти.
Айнан аэропортлар ҳолатини яхшилаш бўйича жорий йилда қатор йирик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Хусусан, Самарқанд халқаро аэропортида янги йўловчи терминали ва учиш-қўниш йўлагининг қурилиши натижасида аэропортнинг ўтказувчанлик қобилияти соатига 500 нафар йўловчидан 1500 нафарга қадар кўтарилади. Германиялик мутахассислар иштирокида Тошкент аэропортининг ўтказувчанлик ҳолатини оптималлаштириш ва реконструкция қилиш натижасида эса йўловчиларга хизмат кўрсатиш қобилияти йилига 4 миллиондан 7 миллионга ортади. Термиз халқаро аэропортида янги учиш-қўниш йўлагининг қурилиши, Андижон аэропортининг реконструкция қилиниши барча турдаги ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш имконини яратиб, амалга оширилаётган қатновлар сонининг 2-3 бараварга ортишига олиб келади. Ушбу чора тадбирлар эса ўз навбатида хорижий авиаташувчилар ўртасида мамлакатимиз авиация соҳаси жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
Мазкур форумда Ўзбекистоннинг авиация соҳасига инвесторларни жалб қилиш, минтақавий аэропортларни давлат-хусусий бошқарувига ўтказиш, экспорт ва товар айланмасини ривожлантириш, аэропортларда логистика марказларини жорий қилиш масалалари кўрилди. Шунингдек, хорижий ташувчилар учун мақбул шароитларни яратиш ва бу орқали янги авиация маршрутларни йўлга қўйиш, янги авиакомпанияларни ташкил этиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Авиация ва туризм ўзаро фойдали ҳамкорликдир. Икки тармоқ тараққиёти бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Айнан сайёҳат қилиш учун талабнинг ортиб бориши авиация инфраструктураси ривожланишига ижобий таъсир этади. Мамлакатимизда илк бор ўтказилган халқаро авиация форуми эса ушбу жараённинг муҳим тадбирларидан бири бўлиб қолади.