Бугун, 2024 йил 27 декабрь куни Қирғизистон Республикасининг Жалолобод шаҳрида мамлакатларимизни ягона темир йўл линияси билан боғлайдиган "Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон" темир йўл магистрали қурилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Ушбу тарихий воқеа минтақада иқтисодий интеграцияни кучайтириш ва уч мамлакат ўртасидаги транспорт алоқасини яхшилашга қаратилган энг йирик инфратузилма лойиҳаларидан бирини амалга оширишда муҳим босқич бўлди.
Маросимда Қирғиз Республикаси Президенти, Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикалари, халқаро ташкилотлар ва темир йўл маъмуриятлари вакиллари иштирок этди.
Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров маросимни очар экан ушбу лаҳзанинг Марказий Осиё келажаги учун тарихий аҳамиятини таъкидлаб ўтди:
"Янги темир йўл линияси Евроосиё қитъа кўприкларининг жанубий бўғини бўлиб, Жануби-Шарқий, Ғарбий Осиё ва Яқин Шарқ бозорларига йўл очади. Ушбу йўналиш Хитойдан Қирғизистонга, шунингдек, Марказий Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларига, шу жумладан Туркияга ва ундан кейин Европа Иттифоқига юкларни етказиб беришни таъминлайди," - деди Садир Жапаров.
Садир Жапаров, шунингдек, ушбу муҳим лойиҳани амалга оширишдаги ҳиссаси ва доимий қўллаб-қувватлаши учун Хитой ва Ўзбекистон ҳукуматларига миннатдорлик билдирди.
Очилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев сўзга чиқди. Шавкат Мирзиёев ўз мурожаатида лойиҳанинг муҳим жиҳатларига эътибор қаратди:
"Ушбу йирик инфратузилма лойиҳаси юқори экологик меъёрларга риоя қилган ҳолда, илғор муҳандислик, инновацион ва рақамли ечимлар асосида кенг ҳамкорликни назарда тутади. "Қашқар - Торуғарт - Макмал - Жалолобод - Андижон" йўналиши бўйлаб 20 та бекат, 42 та кўприк ва 25 та туннель қурилади. Бунинг устига, замонавий транзит-логистика инфратузилмаси, омборхона ва терминаллар барпо этилади. Бизнинг йўналишимизда йиллик юк ташиш ҳажми 15 миллион тоннагача етади. Хитойдан Европа мамлакатларига юкларни етказиб бериш масофаси ва муддатлари бир неча минг километрга ва қарийб бир ҳафтага қисқаради. Мунтазам йўловчи ташишни йўлга қўйиш имконияти пайдо бўлади. Келажакда ушбу темир йўл линияси ва Трансафғон йўлагининг туташтирилиши Хитой, Марказий ва Жанубий Осиёнинг транспорт-коммуникация алоқадорлигини самарали боғлаш ва мустаҳкамлаш имконини беради."
Президент шунингдек, лойиҳанинг барча иштирокчиларига миннатдорчилик билдирди ва Ўзбекистоннинг уни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёрлигини таъкидлади:
"Ўзбекистон темир йўл қурилишининг барча босқичларида мавжуд барча техник ва интеллектуал ресурсларни тўлиқ ишга солган ҳолда фаол иштирок этиш ниятида. Ишончим комилки, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан ушбу транспорт йўлаги мустаҳкам дўстлигимиз, шериклигимиз ва тараққиётимизнинг яна бир рамзига айланади. Муҳтарам ҳамкасбларимга Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин жанобларига ва Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Нургожоевич Жапаровга лойиҳани илгари суришдаги шахсий ҳиссаси ва фаол саъй-ҳаракатлари учун яна бир бор миннатдорчилик билдираман."
Хитой Халқ Республикаси томонидан ХХР Раиси Си Цзиньпин номидан Хитой Халқ Республикаси Ривожланиш ва ислоҳотлар давлат қўмитаси раиси Чжэн Шаньцзе сўзга чиқди:
"Транзит темир йўл қурилиши минтақавий ўзаро боғлиқликни ривожлантириш, шунингдек, минтақанинг гуллаб-яшнаши ва барқарорлигига кўмаклашиш мақсадида уч мамлакат ҳукуматлари томонидан қабул қилинган стратегик қарордир. Бу уч мамлакат халқларининг стратегик лойиҳани амалга оширишга бўлган самимий интилишларини акс эттиради. Бугунги қурилиш маросими лойиҳанинг лойиҳалаштириш ва режалаштириш босқичидан амалга ошириш босқичига ўтишини англатади, бу қурилишни якунлаш ва темир йўлни фойдаланишга топшириш йўлидаги муҳим қадамдир."
Темир йўл қурилишининг 2030 йил охиригача якунланиши кутилмоқда, шундан сўнг у тўлиқ қувватда ишлай бошлайди ва Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида узлуксиз транспорт алоқасини таъминлайди.
“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” янги темир йўл линияси қурилиши лойиҳаси бўйича маълумот:
Маълумки, 2024 йил 6 июнь куни Пекинда ХХР Ҳукумати, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Ҳукумати ўртасида "Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон" темир йўли лойиҳасини биргаликда илгари суришда ҳамкорлик тўғрисида Битим имзоланган эди. Шу билан бирга, Хитой Халқ Республикаси тараққиёт ва ислоҳотлар давлат қўмитаси, Қирғизистон Республикаси Транспорт ва коммуникациялар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан имзоланган 2023 йил 18 майдаги лойиҳанинг техник-иқтисодий асосланишини қабул қилиш тўғрисидаги меморандумга мувофиқ "Қашқар - Торуғарт - Макмал - Жалол-Обод - Андижон" йўналишининг комбинацияланган шакли тасдиқланди.
"Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон" темир йўл лойиҳасининг умумий узунлиги - 532,53 км. 20 та темир йўл станцияси (иккита истиқболли), шу жумладан 2 та чегара станцияси, 1 та қайта юклаш станцияси, 4 та оралиқ станция ва 13 та разъезд қурилиши режалаштирилган. Умумий узунлиги 16,06 км бўлган 42 та кўприк, умумий узунлиги 103,63 км бўлган 27 туннель қурилиши кўзда тутилган бўлиб, кўприк ва туннелларнинг умумий узунлиги 119,69 км ни, уларнинг умумий узунликка нисбати эса 39,3 %ни ташкил қилади.