2023 йил 6 июль куни пойтахтимиздаги Event Hall мажмуасида бўлиб ўтаётган “Шериклик ташаббуслари ҳафталиги” доирасида “Йирик транспорт инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш тажрибалари – иқтисодий ўсишининг асосий тамойили” ҳамда “Ўзаро боғлиқликни барча транспорт соҳаларда ривожлантириш: долзарб таклифлар ва ечимлар” мавзуларда панель сессиялари бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири Илҳом Махкамов, Тожикистон Республикаси транспорт вазири Азим Иброҳим, Қирғиз Республикаси транспорт ва коммуникациялар вазири Тилек Текебаев, Латвия Республикаси транспорт вазирлиги Давлат котиби ўринбосари Улдис Рейманис, ТРАСЕКА Бош котиби Асет Асавбаев, ЕТТБнинг Бош банкири Александр Татьянин, Жаҳон банки мутахассиси Гарсио Навваро, USAIDнинг “Марказий Осиёда савдо” лойиҳаси транспорт коридорларини ривожлантириш бўйича маслаҳатчиси Айжан Бейсеева, UBC бизнес-клублари ассоциацияси президенти Весселин Халачев, “DB Engineering & Consulting GmbH” компаниясининг лойиҳалар менежери Иннокентий Загуменов, TAV Technologies компаниясининг Америка, Европа ва МДҲ мамлакатлари бўйича вице-президенти Айтан Масталиева, “ATR” компаниясининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича вице-президенти Жероми Габори, Bougues consruction” компанияси тижорат директори Оливье Клюзен иштирок этди.
Мазкур панель сессиялари ишида Қозоғистон, Туркманистон, Беларусь, Озарбайжон, Латвия, Австралия, Жанубий Корея, Хитой, Франция, Япония, Туркия, Германия, Австрия каби давлатлардан 50 дан ортиқ хорижий меҳмонлар бевосита қатнашди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Очилбой Раматов кириш сўзи билан очиб берди. Ўз нутқида О.Раматов сўнгги йилларда мамлакатимиз транспорт тизимини ислоҳ қилиш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди. Шунингдек, минтақада транспорт коммуникацияларини ривожлантиришнинг асосий муаммолари ва уларнинг ечими юзасидан ҳамкорликдаги саъйи-ҳаракатларнинг аҳмиятини алоҳида таъкидлади.
“Биз Евроосиё минтақасининг барча йўналишлари бўйлаб халқаро мультимодал ташувлар ва транспорт коридорларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Ўзбекистон учун Европа, Кавказ ва Осиёнинг барча мамлакатлари билан ташқи савдо соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш жуда муҳимдир. Бугун, биз "Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон" ва "Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон" темир йўл линияларини қуриш лойиҳаларини амалга оширишга ҳар қачонгидан ҳам яқинроқмиз. Хусусан, “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўлини қуриш лойиҳасининг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш ишлари якунланди”, деди – бош вазир ўринбосари.
“Шунингдек, Ҳинд океани портларига чиқиш имкониятини таъминлайдиган “Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўл линиясининг қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича жадал ишлар олиб борилмоқда. Аралаш транспорт турларидан фойдаланган ҳолда МДҲ мамлакатларидан Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон орқали Ҳинд океанининг портларига чиқиш йўли билан, шунингдек, Осиё-Тинч океани мамлакатларидан Қирғизистон – Ўзбекистон орқали Шарқий Европа ва Жанубий Осиё мамлакатларига янги коридорлар шаклланмоқда. Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида биз бутун Евроосиёни қамраб оладиган истиқболли транспорт йўлаклари шаклланишининг бошида турибмиз”, – дея таъкидлади О.Раматов.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири Илҳом Махкамов транспорт инфратузилма лойиҳалари, соҳани рақамлаштириш ҳамда муқобил транспорт коридорларини ташкил этиш ва ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди.
Илҳом МАХКАМОВ, Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири:
— Бугунги кунда ҳам Шарқдан Ғарбга, Жанубдан Шимолга олиб борадиган транспорт магистрал йўллари айнан Ўрта Осиёда кесишмоқда. Тўғри ишлаб чиқилган транспорт сиёсати нафақат Ўзбекистон ва Марказий Осиё, балки умуман Евроосиё қитъаси иқтисодиётини ривожлантиришга хизмат қилади. Сўнгги 5 йил ичида Ўзбекистонда халқаро юк ташувларининг барқарор ўсиш суръати кузатилиб, ўртача йиллик ўсиш суръати 8% ни ташкил этди.
Халқаро вазиятнинг тез ўзгариши, геосиёсий кескинликнинг ўсиб бориши транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ва юк ташиш ташқи савдо йўналишларини диверсификация қилишда ҳар томонлама ва мувофиқлаштирилган ёндашувни талаб этмоқда. Шу нуқтаи назардан ташқи савдо ва транзит юк ташувлари ҳажмини ошириш мақсадида Европа Иттифоқи ва МДҲ давлатларидан Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон орқали Ҳинд океани портларига чиқиш имкониятига эга янги мультимодал транспорт йўналишларини шакллантириш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда.
Трансчегаравий савдони, шунингдек, МДҲ давлатларининг Жанубий Осиё мамлакатлари билан савдо алоқаларини ривожлантиришни рағбатлантириш мақсадида “Термиз” халқаро савдо маркази қурилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Афғонистон ва Покистон билан биргаликда Ўзбекистон–Афғонистон-Покистон темир йўли қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича салмоқли ишларни олиб бормоқда.
Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида Марказий Осиё мамлакатлари учун Покистон ва Ҳиндистон темир йўлларига, шунингдек, Арабистон денгизи портларига чиқадиган янги ва энг қисқа транзит коридорларини шакллантириш ва юк ташиш вақти ва нархини 30-40% га камайтириш имконияти яратилади.
Улдис РЕЙМАНИС, Латвия Республикаси транспорт вазирлиги Давлат котиби ўринбосари:
— Айнан Европа ва Осиё ўртасида халқаро савдони ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш ва фаровонликни таъминлашда транспорт ва логистиканинг ўрни алоҳида. Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасида интермодал ва мультимодал трансчегаравий ҳамда транзит транспорт хизматлари кўрсатишни ривожлантириш, шунингдек, Болтиқ денгизи мультимодал коридори орқали Европа Иттифоқидан Марказий Осиё мамлакатлари учун етказиб бериш занжири салоҳиятини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш долзарб вазифа. Айнан транспорт соҳасидаги ўзаро ҳамкорлигимиз ушбу вазифани уддалашга хизмат қилмоқда.
Александр ТАТЬЯНИН, ЕТТБнинг Бош банкири:
— Бугунги кунга келиб ЕТТБ умумий инвестициялари 12 млрд АҚШ долларидан ошди. Йил сари биз ушбу ҳажмнинг ярмини яшил энергетика, яшил транспорт тизими ҳамда яшил технологиялар билан боғлиқ лойиҳаларга ажратмоқдамиз. Бизнинг мақсадимиз яшил лойиҳалар улушини оширишдан иборат. Айнан ушбу йўналишда жорий йил “Самарқанд - яшил шаҳр” (GCAP) ҳаракат режаси доирасида электробуслар қатновини йўлга қўйиш бўйича лойиҳанинг биринчи босқичини бошладик. Унга мувофиқ Самарқанд шаҳрига 100 дона электробуслар сотиб олинади. Лойиҳанинг навбатдаги босқичида эса яна 200 дона электробусларни сотиб олиш кўзда тутилган.
Шунингдек, “Uzbekistan airports” АЖ билан аэропорт ускуналарини янгилаш бўйича пилот лойиҳани амалга оширмоқдамиз. Бугунги кунда ЕТТБ умумий портфелида Ўзбекистон инвестициялар ҳажми бўйича 5 ўринда турибти. Кейинги йиллар давомида биз кредит ва грант маблағларини ажратган ҳолда инвестициялар ҳажмини оширишни мақсад қилганмиз.
Навваро ГАРСИО, Жаҳон банкининг транспорт шўбаси молия мутахассиси
— Ўзбекистонда транспортни ривожлантириш учун кенг кўламли имкониятлар яратилганидан жуда мамнунмиз ва ишончли ҳамкорлигимизни давом эттиришга тайёрлигимизни билдирамиз.
Транспорт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда бошқа ташкилотлар билан алоқаларни кучайтириш тарафдоримиз ва уларнинг очиқлигини таъминлашда ёрдам бермоқчимиз.
Иннокентий Беляков-ЗАГУМЕНОВ, “DB Engineering & Consulting GmbH” компаниясининг лойиҳалар менежери
— Биз Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида юртингизни барқарор ривожлантириш ҳамда унинг жаҳондаги нуфузини ошириш, шунингдек, транспорт-логистика тизимини яхшилаш борасидаги кенг кўламли ислоҳотлардан хабардормиз. Мазкур ислоҳотлар туфайли Ўзбекистон иқтисодиётининг изчил ўсиши транспорт-коммуникация комплексини жадал ривожлантиришни талаб этмоқда.
Темир йўл инфратузилмаси мураккаб ва капитал талаб қилувчи тизим бўлиб, дастлабки қўшма лойиҳаларимиздан бири — “Ангрен-Поп” темир йўл линиясини қуриш ва электрлаштириш бўйича амалга оширилган кенг кўламли лойиҳа Фарғонани Тошкент вилояти билан боғлаш имконини берди. Германиялик мутахассислар иштирокида мазкур лойиҳа доирасида МДҲда ўзига хос — узунлиги 19 километрдан ортиқ бўлган темир йўл туннели барпо этилди. “DB Engineering & Consulting GmbH” компанияси мутахассислари мураккаб тоғли ҳудудларда туннел қуришда илғор услуб ва технологияларни қўллади. Ушбу лойиҳа “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг “DB Engineering & Consulting GmbH” компанияси билан турли инфратузилма объектларини қуриш бўйича ҳамкорлигини мустаҳкамлади. Натижада 2019–2021 йилларда Тошкент шаҳри қурилиши бўйича лойиҳалар биргаликда амалга оширилди. Айни пайтда Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилма инвестициялари банки ва “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти маблағлари ҳисобидан умумий қиймати 437 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган “Бухоро — Мискин — Урганч — Хива” линиясини электрлаштириш ишлари биргаликда бажарилмоқда.
Мазкур лойиҳа амалга оширилиши туфайли Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини ошириш, транзит йўлаклари ўтказиш имкониятини ошириш ва ҳавога чиқадиган зарарли газларни камайтириш мумкин. Лойиҳа якунига етгач, тезюрар поездларни ишга тушириш режалаштирилган. Бу эса йўловчиларнинг Тошкентдан Урганчгача қатнов вақтини 7 соатга (ҳозир 18 соат) қисқартиради.
Бу лойиҳаларнинг барчаси Ўзбекистон ва минтақанинг жадал ривожланишига мамлакатингиз ва Германия компанияларининг самарали ўзаро манфаатли ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари орқали эришиш мумкинлигини тасдиқлайди. Шубҳасиз, транспорт соҳасидаги ислоҳотлар натижалари Ўзбекистон темир йўллари ва бутун транспорт тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш имконини беради. Бу эса мамлакат тараққиёти ва яшаш сифатини оширишга самарали таъсир кўрсатади.
Тилек ТЕКЕБАЕВ, Қирғиз Республикаси транспорт ва коммуникациялар вазири:
— Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасида транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш борасида фаол ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши лойиҳасини амалга ошириш борасидаги ишлар бунга яққол мисол бўла олади. Айнан транспорт-инфратузилмавий коммуникацияларни такомиллаштириш ва Марказий Осиёга халқаро транзит юк ташувчиларини жалб этиш минтақа давлатларини бирлаштирувчи энг муҳим йўналишлардан биридир. Шу маънода Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши лойиҳасининг амалга оширилиши Марказий Осиёни яхлит логистика хабига, яъни жаҳоннинг муҳим бозорига айлантиришга ҳисса қўшади.
Тадбир давомида хорижлик мутахассислар ҳар бир мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишида ҳал қилувчи ўринни эгаллаган транспорт соҳасида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш тажрибаларига тўхталиб ўтди. Шунингдек, ўзаро боғлиқликни барча транспорт соҳаларда ривожлантириш юзасидан долзарб таклифлар илгари сурилди.
Мазкур йўналишда янги транспорт коридорларини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган лойиҳалар алоҳида эътироф этилди.