Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ВА ФРАНЦИЯ: ТРАНСПОРТ ТАЪЛИМИ - ИМКОНИЯТЛАР ИНТЕГРАЦИЯСИ

Чоп этиш Саҳифани улашиш
11.10.2021 4797 Yangiliklar

 

Ўзбекистон ва Франция ўртасида турли соҳаларда, жумладан олий таълим йўналишида ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши, илм-фан тараққиётида муштарак истакларни амалга оширувчи майдон кенгаётганлиги транспорт таълими соҳасида ҳам катта истиқболга эга эканини кўрсатмоқда. 2021 йил 7-8 октябрь кунлари ўтказилган “Ўзбекистон – Франция олий таълим муассасалари форуми”ни транспорт таълимининг жаҳон таълим ва илмий ҳамжамиятига интеграциялашув ҳисобига мутахассислар, илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш тизимини янада ривожлантириш имкониятига эга бўлди.

Форумнинг илк куни Франциянинг Европа ва Ташқи ишлар вазирлиги Олий таълим ва тадқиқотлар бошқармасининг университетлараро илмий ҳамкорлик бўлими бошлиғи Мартин Руссель хоним бошчилигидаги делегация иштирокида ялпи йиғилиш бўлиб ўтди. Ики давлат элчихонаси вакиллари, қатор вазирликлар раҳбарияти, икки давлат олий таълим муассасаларнинг ректорлари, соҳа проректорлари, таълим соҳасидаги мутахассислар қатнашган йиғилишда Ўзбекистон-Франция олий таълим соҳаси интеграцияси ва инновацияларни татбиқ этиш масаласи кўриб чиқилди.

Халқаро форум ўз ишида Тошкент давлат транспорт университети ректори Одил Абдурахманов Франция Фуқаро авиация миллий мактаби ENAC вице Президенти Николас Казалис (Nikolas СAZALIS) билан учрашди. Ўзбекистон ва Франция олий транспорт таълим муассасалари раҳбарлари ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш баробарида долзарб масалаларни тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотда биргаликда муҳокама қилиш имкониятига эга бўлди. Мулоқотлар якунида икки давлат транспорт олий таълим муассасалари ўртасида транспорт илм-фани соҳасида фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларни олиб бориш юзасидан шартнома имзоланди.

Форумнинг иккинчи куни Тошкент давлат транспорт университети Халқаро алоқалар бўйича проректори Баходир Тураевнинг “Ўзбекистон ва Франция муносабатларида ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг янги даври” мавзусидаги маърузаси тингланди. Маърузада давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган транспорт таълимини ривожлантириш концепциясини тўлиқ ва самарали амалга оширишда ҳамкор хорижий таълим муассасалари, жумладан Франция олий таълим муассасаларининг аҳамияти атрофлича таҳлил қилинди.

Якунланган форум келгусида транспорт таълими ва илм-фани соҳасида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва келишувга эришиш учун янги имкониятларни берди.