Меҳр-мурувват, саховат, бағрикенглик халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган тушунчалардир. Хайр-саховат, сахийлик каби ушбу гўзал фазилатлар инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарининг мустаҳкамланишига, жамиятда эса ўзаро ҳурмат ва тотувликнинг ортишига хизмат қилади.
Бугун мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жамиятда ўзаро ҳамжиҳатликни кучайтириш, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур жараёнда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳам фаол иштирок этмоқда. “Маҳаллабай” ишлаш тизими доирасида кам таъминланган, моддий ёрдамга муҳтож оилаларга амалий кўмак кўрсатилмоқда.
Куни кеча “Маҳалла” хайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани “Гулсанам”, “Катта Қорасув”, “Катта Олтинтепа” ва “Шўртепа” маҳалла фуқаролар йиғинларидан танлаб олинган бир нечта оилаларга моддий ёрдам кўрсатилди.
“Бундай хайрли ишларни келгусида ҳам давом эттирамиз. Ижтимоий ёрдамга муҳтож боқувчисини йўқотган оилалар ҳамда кўмакга муҳтож ҳамюртларимиз эътибордан четда қолмаслиги учун бутун жамоамиз билан қўлимиздан келганча ҳаракат қиламиз”, - деди Транспорт вазирлиги бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси раиси Ф.Нарходжаев.